Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 15 йилга озодликдан маҳрум этилган асли наманганлик Россия фуқароси Дилшод Тўрахўжаев иши бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.
Элчихона консуллик бўлими 3 июль куни йўллаган нотада россиялик инвесторга доир жиноят иши бўйича ахборот тақдим этиш сўралган.
Дилшод Тўрахўжаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси, тўртинчи қисми “а” банди билан босқинчиликда айбланиб, суд ҳукми билан 2024 йилнинг 7 феврал куни 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Тўрахўжаев судда ўзига қўйилган айбловларни инкор этган ва тергов давомида шафқатсиз қийноққа тутилганини иддао қилган.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига Дилшод Тўрахўжаевнинг адвокати Хуршидабону Насриддинова мурожаат қилган.
3 июл куни элчихона консуллиги бўлими мудири А.Терентьевнинг имзоси билан адвокатга берилган жавоб хатида Тўрахўжаев иши бўйича ўзбек томонига нота юборилгани маьлум қилинган.
“Элчихона томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари томонидан Д.А. Тўрахўжаевнинг аризасини кўриб чиқиш натижалари бўйича ахборот тақдим этиш сўралган.
Ўзбекистон томонидан жавоб олингандан сўнг, Сизга қўшимча маълумот берилади”.
Адвокат Хуршидабону Насриддинованинг Озодликка айтишича, ҳозирча Ташқи ишлар вазирлигидан Дилшод Тўрахўжаевнинг аризасига ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ.
Россия консуллиги ходимлари адвокатга бундан аввал ҳам Ташқи ишлар вазирлигига иш бўйича икки марта нота юборганини, аммо вазирлик бу ноталарга жавоб бермаганини айтган.
Хуршидабону Насриддинованинг сўзларига кўра, айни пайтда Дилшод Тўрахўжаев Қарши шаҳридаги 2-сонли жазони ўташ муассасасида жазони ўтаяпти.
Адвокатлар Олий судга бу жиноят ишини қайта тафтиш қилиш тартибида ариза беришган эди, аммо суд уни қайтарган. Шундан сўнг Олий Суди раиси ўринбосари Икром Муслимовга шикоят аризаси киритилган, лекин уч ойдан буён жавоб йўқ.
Адвокат фикрича, унинг ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқлари терговда ҳам, судларда ҳам қўпол равишда бузилган, аммо судлар очиқ-ойдин далилларни қайта кўриб чиқишни истамаяпти:
"Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексида тазйиқ ёки зўравонлик билан олинган ҳар битта тушунтириш, далиллар номақбул ҳисобланиши ёзилган. Биз адвокат сифатида жиноят иши тўғри кўрилишини, процессуал нормалар тўғри қўлланишини, келтирилган важлар ҳаммаси асосли эканлигини исботлаб берган бўлсак-да, судлар томонидан умуман муҳокамага ҳам қўйилмаяпти, гўёки кўзи кўр, қулоғи карга ўхшаб эътибор берилмаяпти".
Дилшод Тўрахўжаев ҳибсга олиниб, қамоқ жазоси берилганидан буён орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтди.
Акаси Дилмурод Тўрахўжаевнинг Озодликка айтишича, ўтган барча суд жараёнларида Россия элчихонаси вакили иштирок этган, лекин бунга қадар расмий нота берилганидан унинг хабари йўқ.
Поп тумани Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган Дилшод Тўрахўжаев 2023 йилнинг 12 апрелида Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг босқинчилик моддаси билан айбланган эди.
Дилшод Тўрахўжаев ва унинг яқинлари, бу айбловларни инкор қилади. Тўрахўжаевнинг иддао қилишича, унинг Наманган вилоят, Поп тумани, Чодак қишлоғида бунёд этган “Космос” мажмуасини ундан тортиб олиш мақсадида, бу айблов тўқиб чиқарилган.
Тўрахўжаевнинг адвокати Нурилла Тўлаганов ўз ҳимоясидаги шахс иқрорлик кўрсатмаси бериш учун тергов давомида шафқатсиз қийноқларга солингани ҳақида ижтимоий тармоқларда видео чиқишлар қилган эди.
Дилшод Тўрахўжаев тергов изоляторидан президент Шавкат Мирзиёевга чиқарган мурожаатида туҳмат билан қамоққа олингани ва Тошкент ИИББда қийноққа солинганини айтган эди:
“Оғзим ва бурнимни скотч билан маҳкам боғлаб, бошимга полиэтилен пакет кийдириб, оёғимнинг товон, сон қисмига, олд қисмига, кўкрак қафасимга, бошимга резинкали дубинка ва махсус пластик қўлқоплар билан юзларимга, ҳамма жойимга олти соат тинмай уришди. Бир неча марта ҳушимни йўқотдим, электрошокерни танамга теккизиб уйғотишар ва яна уришар эди”.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Дилшод Тўрахўжаевга нисабатан қийноқ қўллаган номаълум шахслар ҳақида суд мажлисида судланувчилар томонидан бир неча марта айтилган бўлса-да, уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган:
"Дилшод Тўрахўжаевга нисбатан қийноқ қўлланилгани бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси бўйича қўзғатилган жиноят иши кейинчалик ёпилган, Бош прокуратура бу қарорларни бекор қилиб яна қайтадан қўзғатган, лекин ўртада қийноқ қўллаганлар жазоланмай қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбдусман баёнот берган эди, лекин қийноқ қўллаганлар гўёки "топилмади".
Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Тўрахўжаев Дилшод Абдуваҳобович, 1984 йилда туғилган. Россия Федерацияси ватандоши, 20 йил мобайнида Россия Федерациясида яшаган.
2019 йилда Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида 25 миллирад сўм сармоя киритиб, "APART HOTEL COSMOS" МЧЖни ташкил этган.
Меҳмонхона ва дам олиш масканларидан иборат мажмуа 1500 кишига мўлжалланган.
Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Наманганга ташрифи чоғида унинг назарига тушган. Президент Чодак қишлоғи чўққисида қурилган мажмуани олқишлаган эди.
Тўрахўжаев 2022 йилнинг 28 августида "Туризм фидоийси", 2022 йил 8 декабрда “Конституциянинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Айни пайтда президент қўллови билан қурилган «Космос» сайёҳлик маркази ишламаяпти, унинг қаровсиз қолгани айтилади.
Россия томони бунга қадар Ўзбекистондаги фуқароларининг манфаатини ҳимоя қилиб, ўзбек томонига нота йўллагани маълум эмас.
Ўтмишда Москва рус ватандошлигига эга бўлган ўзбекистонликларни Тошкент сўрови билан Ўзбекистонга топширган ҳолатлар талайгина.
Тўрахўжаев иши бўйича Россия томони расмий нота йўллагани ҳақидаги хабар Москва ва Боку ўртасида озарбайжонликларга қарши оммавий рейдлар билан боғлиқ можаро фонида пайдо бўлди.
Ўтган ой расмий Тошкент ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқлари поймол этилганига норозилик билдириб, Москвага биринчи марта расмий нота топширганди.
Форум