Линклар

Шошилинч хабар
14 июл 2025, Тошкент вақти: 19:05

"Русчани яхши тушунмайдиган чаласавод осиёликлар". Россия Думасида янги қонун муҳокамаси


Россия Давлат Думаси депутатлари
Россия Давлат Думаси депутатлари

Россия Давлат Думасидаги коммунистлар мамлакатдаги мигрантларга давлат муассасалари, мактаб ва шифохоналар ҳамда стратегик иншоотларда ишлаш, шунингдек, раҳбар лавозимларни эгаллашни тақиқлашни таклиф қилмоқда.

24 июнь куни киритилган қонун лойиҳасига илова қилинган хатда мамлакатда жуда кўп вазифа ва лавозимлар "чаласавод осиёликлар"га бериб юборилгани иддао қилинади.

Қуйида «Хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар лойиҳасига илова қилинган хатдан бир неча иқтибос.

  • «Шереметьево» аэропортида — стратегик объектда — қўриқчи, юк ташувчи ва текширувчиларнинг учдан бир қисми шарқона қиёфадаги одамлар. Кутиш залларидаги ресторанлар номидан маълум: "Узбечка", "Чайхона", "Чайхона с чайником", "Чайхана без чайника", "Бишбармак. “Шереметьево”даги “Рублёв” бизнес зали ҳам ё ўзбеклар ёки тожиклар ихтиёрига берилган…»
  • «Магазинларда, айниқса “Пятёрочка”ларда рус сотувчиларни ишдан ҳайдаб, ўрнига осиёликлар келтирилмоқда. Ҳатто фаррошлар ҳам энди-энди европача қиёфадагиларга алмашмоқда, бир йил олдин ҳаммаси осиёлик эди. Аммо энг катта беҳурматлик — кўп функцияли марказларда осиёликлар ишлаяпти. Амалда, яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш улар қўлига берилган…»
  • «Тилни зўрға тушунадиган, чаласавод осиёликлар шифокор қилиб ишга олинади. Ҳозирда шифохоналарда ҳамшираларнинг ярмидан кўпи осиёликлар — улар тиббиёт формаси ўрнига миллий кийимда юришади. Санитарларнинг ҳаммаси осиёликлар. Русларни ишга олишмайди! Мактабларда эса ўқитувчилар —қўпол ва муомаласиз осиёликлар болаларни ўқитиш ўрнига устидан кулишади, ўзи эса ўқитолмайди. Дипломлари ҳам эҳтимол ватанларида сотиб олинган…»
  • «Биз нима қиляпмиз? Нега шу қадар осонлик билан хорижликларни ҳокимият органларига киритяпмиз? Сиз Тожикистонда, Ўзбекистонда ёки бошқа бирорта давлатда ҳокимиятда русларни кўрганмисиз? Ҳаммамиз унутдикми — 90-йилларда руслар барча собиқ иттифоқ республикалардан ҳайдалганини? Қанча қочқин, кўчиб келган бор эди… Бу яралар ҳали ҳам битмаган…»


Муаллифлар ким ва улар нима таклиф қилмоқда?

"Россия Федерациясидаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги федерал қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини КПРФ депутати Николай Арефьев, Николай Иванов, Алексей Корниенко, Владимир Васильев, Роман Лябихов, Виктор Соболев ва Вячеслав Мархаев 24 июн куни Давлат Думага тақдим этган.

Улар хорижий фуқароларга Россияда қуйидаги соҳаларда ишлашни тақиқлашни таклиф қилмоқда:

  • давлат ва муниципал органларда;
  • паспорт ва виза назорати ҳамда бошқа давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларда;
  • тиббиёт, таълим ва илмий ташкилотларда, жумладан хусусий муассасаларда ҳам;
  • Россия юридик шахслари таркибида, мулкчилик шаклидан қатъи назар, раҳбарлик лавозимларида.
Россия фуқаролигини олган мигрантлар ҳарбий рўйхатга қўйилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:04 0:00

Россияда мигрантларга босимлар

Сўнгги бир йил ичида Россияда мигрантларга қарши бир қатор чекловлар жорий қилинди.

Мамлакатда «назоратдаги шахслар реестри» жорий этилди — унга Россия ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган хорижликлар киритилмоқда.

Шунингдек, Россия фуқаролари билан турмуш қурган шахслар учун соддалаштирилган тартибда доимий яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) олиш имконияти ҳам чекланди.

2025 йил баҳорида Давлат Думаси депутатлари мигрантларнинг фарзандларини рус тилини бўйича тестдан ўтишга мажбур қилишди — бу тестдан ўтмасдан мактабга қабул қилинмайди. Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб Москва ва Московская областьда яшовчи хорижликлар мажбурий бармоқ изини бериш (дактилоскопия) ва биометрик суратга тушиш, шунингдек, яшаш манзилини махсус мобил иловалар орқали хабар бериш талабларига риоя қилишлари шарт бўлади.

Шу билан бирга, мигрантларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг босими ҳам кучайган — улар доимий рейдлар ўтказмоқда, кўп ҳолларда зўравонлик ишлатилмоқда. Айрим мигрантлар турли усуллар билан Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга ва Украинага қарши урушга жўнатилишга мажбурланмоқда.

2025-йилдан бошлаб Россияда визасиз юриш муддати қисқартирилди. Муҳожирларни яна қандай ўзгаришлар кутмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00

Форум

XS
SM
MD
LG